Chevrolet: 45 дақиқада харид қилиш мумкин

GM Uzbekistan дилерлик тармоғи Chevrolet автомобилларининг бир қатор моделларини харид расмийлаштирилганидан сўнг машинани дарҳол ёки бир неча кун ичда олиб кетиш имконияти билан савдога чиқармоқда. Бу ҳақдаги маълумотларни «Газета.uz"га Тошкентдаги бир неча автосалонлар тасдиқлади.

Бутун Ўзбекистондаги 74 та савдо майдончасида Cobalt, Matiz ва Lacetti каби моделлар бир неча комплектацияда таклиф этилмоқда. Автомобилларни нақт ва пул ўтказиш йўли билан ёки халқаро пластик карталарда Марказий банк курси бўйича тўлов амалга оширилган кунда олиб кетиш мумкин.

«Салонимизда, дейлик, Matiz ёки Lacetti автомобилини харид жараёнлари тугаши билан дарҳол олиб кетиш мумкин, — деди „Ўзавтотеххизмат“ АЖ „Роҳат“ салони менежери Муроджон Усмонов. — Машиналарни рўйхатдан ўтказиш, қоидага кўра, 45 дақиқани олади».

«Салонда ДЙҲХХ пункти мавжуд бўлиб, Тошкентда рўйхатдан ўтган харидорлар автомобилни сотиб олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этган ҳолда давлат рақамини дарҳол олиши мумкин (маълумотнома нархи — 15 628 сўм). Шунингдек, суғурта компанияси филиали ҳам фаолият кўрсатиб, харидор истагига кўра мажбурий суғуртани расмийлаштириб беради. Шундай қилиб бир куннинг ичида мижозларимиз тўлиқ қонуний автомобилни ҳайдаб кетиши мумкин».

Тахминан худди шундай иш тартиби Ўзбекистондаги барча автодўконларда йўлга қўйилган. Миллий нақт пулда 74,9−80,6 млн сўмга 3−4-позициядаги Cobalt автомобилини харид қилиш мумкин. Халқаро пластик карта орқали эса 14,2−16,5 млн сўм нархда 1−2-комплектациядаги Matiz, 22,3 млн сўмга 4-комплектациядаги Nexia SOHC, 25,9−32,7 млн сўмга Cobalt 1−2-позиция, 28,2−37,2 млн сўмга 1−2-комплектациядаги Lacetti автомобиллари сотилмоқда.

Юридик шахсларга пул ўтказиш йўли билан миллий валютада Lacetti 1-комплектация (евро) — 58,7 млн сўм, Cobalt 3−4-комплектациялар (евро) — 80,6 млн сўмдан сотилмоқда.